Турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Беқарор” сериали кескин воқеалар ривожи, кутилмаган сюжети, қизиқарлилиги, актёрларнинг моҳирона ижроси билан томошабинларнинг эътиборини тортди. Сериалда бош қаҳрамон Миран ролини ёш актёр Акин Акинёзу ўйнади.
Акин Акинёзу 1990 йил 1 январда Туркиянинг Анқара шаҳрида туғилди. У болалиги ва ўсмирлик йилларини она шаҳрида ўтказди. Мактабни тамомлагач, математика коллежига ўқишга кирди.
Бўлажак актёр коллежни битиргандан сўнг хорижга жўнашга қарор қилди ва Калифорния университетига ўқишга кирди.
Акиннинг ота-онаси ўғиллари ижодкор бўлишини истарди, шунинг учун доим телеэкранларда кўришни хоҳларди. Афтидан, бу Акиннинг театрга қизиқа бошлашига ва университет труппасида актёрликдан таълим олишига сабаб бўлди.
Акин Акинёзу олий таълимни олиб бўлгач, ватанига қайтди. У ерда унга “Азроил” фильмидан роль таклиф қилишди. Бу эпизодик роль эди. Турк киносида ёш актёр илк бор “Муҳташам юз йил. Кўсем империяси” оммабоп сериалида Али ролини ўйнади.
2017 йил Акинга “Аслан оиласи” сериалидан бош ролни таклиф қилишди. Актёр “Абдулҳамид: тахт вориси” ва “Дўстлар – бу яхши” сериаллари орқали ҳам танилган.
2019 йилда Акин Эбру Шаҳин, Илай Эркёк билан бирга “Беқарор” сериалида бош ролни ўйнади. Шу йили уни армияга чақиришди ва “Беқарор”да суратга тушишни тўхтатиб туришга тўғри келди.
Акин Акинёзу бир муддат актриса Буржу Ўзберк билан учрашиб юрди. Улар “Аслан оиласи” сериалида суратга тушаётганда танишишган. Кейинроқ унинг исмини “Беқарор”даги ҳамкасби Эбру Шаҳин билан боғлашди, аммо актёрлар бу шунчаки миш-миш эканлигини таъкидлашди.
Акин интервьюларда шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди. У ҳали уйланмаган, аммо севган қизи бор. Қизнинг исми Сандра Пастемалчиян. У америкалик, лекин келиб чиқиши арманларга бориб тақалади. Ёшлар АҚШда ўқиётганда танишишган.
СЕВИНЧ тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий