вторник, 4 мая 2021 г.

2013 йилда она бўлганлар


2013 йилда жаҳоннинг машҳур аёллари орасида оналик бахтига эришганлари жуда кўп бўлди. Актрисалар, моделлар, ҳатто қироллик оилаларида ҳам узоқ кутилган болалар дунёга келди.

Кэмбриж герцогиняси Кэтрин

Шаҳзода Уильямнинг рафиқаси, герцогиня Кэтринни бемалол 2013 йилнинг энг дидли ҳомиладор аёли деб атаса бўлади. Ҳомиладорликнинг тўққиз ойи давомида Кэйт Миддлтон турли кўйлакларда намоён бўлиб, нозик диди билан ҳамманинг ҳавасини келтирди. Туғруқхонадан чиқаётганда эса марҳума қайнонаси малика Диананинг кўйлагига ўхшаш кўйлак кийди. Шундан бери беш ой ўтди, Кейт Миддлтон жуда тез озиб, чиройли қоматига қайтди. Ҳозирда эса у фақат ўз кўйлаклари эмас, балки кичкинтой шаҳзода Георгнинг кийимлари билан ҳам ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда.  

Ким Кардашьян

Реалити шоулар юлдузи Ким Кардашьян ҳомиладорлик даврида оммани ҳайратга ҳам солди, кулгига ҳам қолди. У бисотидаги энг чиройли кўйлакларни кийишга уринди. Интернетда унинг деярли ҳар бир кийимини мазах қилишди. “Givenchy” бренди креатив директори Риккардо Тиши эса Кардашьянни ҳимоя қилиб, мода танқидчилари ҳеч нимани тушунмаслигини, юлдузнинг кўриниши ҳавас қилгудек эканлигини билдирди. Июнь ойида Кардашьян фарзандини дунёга келтириб, анча вақтгача папарацци нишонидан панада юрди. Ҳозир Ким ҳомиладорликдан сўнг қоматини тиклашга ҳаракат қиляпти.

Ферги

38 ёшли қўшиқчи Ферги илк бор оналик бахтига эришди. Ҳомиладорлик чоғида оналикка тайёр эмаслигидан, болага қандай қарашни билмаслигидан роса ташвишланди. Омма орасида ҳам деярли кўриниш бермади. Кийим жавонида кенг либослар кўпайди. Журналистларни қийнамаслик учун эса ҳомиладорлигини расман тан олди. Август ойида Ферги ўғли Аксель Жек Дюамелни дунёга келтирди.

Холли Берри

Холли Берри иккинчи марта она бўлди. Эри Оливье Мартинесга ўғил туғиб берди. Ҳомиладорлик даврида бўш вақтини кўпчилик аёлларнинг севимли машғулоти – дўкон айланиш билан ўтказди.

Дрю Бэрримор

Декабрь ойида Дрю Бэрримор иккинчи фарзандига ҳомиладорлигини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, Дрю қизи Оливни 2012 йил сентябрда дунёга келтирган эди. Иккинчи ҳомиладорлигини актриса ҳақиқий мўъжиза деб таърифлади.

Жанна Фриске

Апрель ойида қўшиқчи Жанна Фриске ва телебошловчи Дмитрий Шепелевнинг ўғли Платон туғилди. Қўшиқчи ҳомиладорлик даврини серқуёш Майамида ўтказди, денгиз ҳавосидан нафас олиб, яқинлари даврасида бўлди. Ёш она Майамида узоқ қолиб кетмай, Москвага қайтиш ниятида.

Хайди Клум

Йил сўнгида супермодель Хайди Клум бешинчи марта ҳомиладорлигини маълум қилди. Мухлислар Хайди учун жуда хурсанд бўлишди, модель эса энди очиқ кийимларда подиумга чиқмаслигини, ҳозирги ёшида бундай юриши номаъқуллигини билдирди.  

Наталья Водянова

Хайдининг ҳамкасби Наталья Водянова ҳам Антуан Арнодан фарзанд кутаётганини маълум қилди. Шифокорлар Водянова туғилажак фарзанд ўғил бола эканлигини тахмин қилишмоқда. У Натальянинг тўртинчи боласи бўлади.

Пенелопа Крус

Испаниялик актриса Пенелопа Крус ва россиялик телебошловчи Оксана Фёдорова Кэмбриж герцогиняси билан бир кунда она бўлди. Фёдорова қизига Елизавета деб исм қўйди. Крус эса қизига Ой деган оддий исм танлади.

Кейт Уинслет

Актриса Кейт Уинслет учинчи марта она бўлди. Боланинг отаси – актрисанинг учинчи турмуш ўртоғи Нэд Рокнролл. Улар бола туғилишидан анча олдин Иви деган исмни танлашган эди.

Жессика Симпсон

33 ёшли Жессика Симпсон иккинчи марта она бўлган юлдузлар рўйхатини тўлдирди. Иккинчи ҳомиладорликда қўшиқчи анча семирди, аммо ўтган йилгидек, туғруқдан сўнг реалити-шоуда қатнашишдан ва озишини намойиш қилишни истамади.

Севара АЗИЗ тайёрлади.

2013 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий