воскресенье, 29 января 2023 г.

“Элчининг қизи”


Кўп қисмли “Элчининг қизи” сериали драма жанрида суратга олинган бўлиб, сюжети ортиқча бурилишлар ва зерикарли саҳналарсиз бир маромда ривожланиб боради.

Сериалда Туркияга келадиган ёш қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Қизнинг отаси таниқли дипломат бўлиб, унинг муносиб одамга турмушга чиқишини истайди. Бироқ гўзал қиз оддий йигитни севиб қолади...

Сериал ниҳоятда чиройли ва манзарали Мугла (Туркия жануби-ғарби)да суртага олинган. Бу ерда ҳамма нарса: тоғлар ҳам, ўрмонлар ҳам, денгиз ҳам, сюжетга ўзига хослик бағишлайдиган анъанавий турк меъморчилиги ҳам бор.

“Элчининг қизи” сюжети эса деярли барча турк сериаллариникига ўхшайди: севги ҳақида, лекин бу ҳикоя бир маромли бўлиб, сюжет тез ривожланади, зерикарли саҳналар йўқ, қаҳрамонлар мақсад-муддаони тез англашади.

Элчининг қизи ва оддий йигитнинг севги қиссаси Мугладаги деярли ҳаммага маълум, қиз севгилисини тоғда ёлғизликда ташлаб кетгандан сўнг чиройли ишқ қиссаси тамом бўлгани ҳам деярли ҳаммага маълум. Бироқ кунларнинг бирида афсона жонланади ва элчининг қизи – Наре (Неслихан Атагул) қайтади, лекин энди у ёлғиз қайтмайди. Ўзи билан ўша одий йигит – Санжар (Энгин Акюрек)дан дунёга келтирган қизи билан олиб келади. У йўқ пайтда Санжай бой бўлишга ва дўсти Гедиз (Ураз Кайгиларўғлу) билан ҳамкорликда иш очишга улгурган.

Наренинг қайтганидан ҳеч ким хурсанд эмас: қизининг отаси бўлмиш Санжар (чунки у қалбидаги туйғулари қайта уйғониишдан қўрқади) ҳам, унинг онаси (чунки элчининг қизини унутишга ўғлига қанча куч керак бўлганини билади) ва унинг янги хотини ҳам (чунки эрининг бошқага муҳаббати ниҳоятда сезилиб туради), ҳатто ўз отаси ҳам. 


Бироқ ҳаммаси бир қарашда туюлганидек оддий эмас. Наре илк бор Гедизни Муглага қайтишда самолётда учратгач, шубҳа-гумонлар ва тўқималарга ойдинлик кира бошлайди. Гедиз – Нарига ишонган, уни тинглаган ва уни тушунган ягона одам, элчининг қизи эса Санжарни ташлаб кетишга мажбур қилган сирини унга ишониб айтади.

Санжарнинг энг яқин дўсти Гедиз Наренинг чиройи ва ақлига, сирлилигига мафтун бўлади. У қизга ошиқ бўлиб қолганини жуда тез тушунади. Лекин унинг муҳаббати буткул иқболсиз, чунки Наре ва Санжар, ўрталарида хафалик ва ишончсизлик бўлса-да, бир-бирини севади. Қолаверса, Гедиз ва Санжар – яқин дўстлар.    

Қизиққон, қўпол ва тажовузкор Санжарни кўрганда, сериал ижодкорлари бош қаҳрамонни танлашда янглишгандек туюлади, ахир у ниҳоятда зиддиятга бой, баъзан ҳатто ёқимсиз кўринади. Энгин Акюрек қаҳрамонининг бутун мураккаблиги ва муросасизлигини жуда яхши кўрсатиб беришга муваффақ бўлган. Томоша пайтида Неслиханнинг қаҳрамони Отеллосидан узоққа қочиб кетиб, тўғри иш қилган, деган ўй ўтади. Бироқ муҳаббатнинг кўзи кўр: Наре Санжарни севади.

“Элчининг қизи” мухлислари Нарега ким – тушунадиган ва меҳрибон Гедизми ёки қизиққон Санжарми – тўғри келиши ҳақида баҳс юрита бошлашди. Кўпчилик томошабинларнинг боши қотган: бош қаҳрамон Санжар бундай феъл-атвори билан Гедизчалик ёқимли эмас. Балки, сериал ижодкорлари томошабинларнинг фикрига қулоқ тутиб, сюжетни Наре-Гедиз жуфтлиги фойдасига буриб юборишар. Балки, бу жуфтликнинг имконсизлиги аниқ бўлгани учун ҳам уларнинг биргаликдаги келажаги шу қадар исталаётгандир.

Элчининг қизи Наре фақат Санжарнинг тушунмаслигидан эмас, отаси билан мураккаб муносабатлари туфайли ҳам бахтсиз. Бешафқат тақдир унга қизиққон ошиқдан ташқари, ўз қизидан кўра, обрўсини устун қўядиган ота билан сийлаган. У Нарега ҳаётининг фожиали даврида ёрдам бермайдигина эмас, у билан содир бўладиган даҳшатнинг сўзсиз сабабчисига ҳам айланади. Элчи жаноблари Нарени у бирга ўсиб-улғайган асранди ўғли Акин зўрлаган бўлиши мумкинлигига ишонмасликни маъқул кўради. У ҳамма нарсадан кўпроқ ўз обрўси учун қайғуради ва юз бераётган воқеаларга кўз юмади.

Наре – нозик ва ҳимоясиз кўринса-да, тақдирнинг барча зарбаларига қарши турадиган иродали ва кучли аёл. Қаҳрамон қизни жуда яхши тавсифлайдиган асосий ибора Наре қизи Мелекни отасига қолдириб, хайрлашаётганда янграйди. У шундай дейди: “Қандай вазиятда бўлишингдан қатъи назар, бирон нимани истамасанг, “йўқ” дейишни билишинг керак. Нима бўлса ҳам, буни айтишдан қўрқма. Эркин бўлиш истаган ҳамма нарсангни қилиш дегани эмас. Бу истамаган ишингни қилмаслик деганидир”. Бу фалсафани Наре эрта дунёга келтирган қизи билан бирга улғайиш асносида англаб етади.

Наренинг энг катта дарди – унга энг яхши кўрган эркаклари – Санжар ва отаси ишонмайди. Санжарнинг бу қилиғини – ўзи шу қадар севадиган аёлга ишонмаслигини тушуниб бўлмайди. Унга ишонишдан кўра, бир талай гуноҳларда айблаш осонроқми?..

“Элчининг қизи” сериалининг рейтинги юқори, актёрларнинг ижроси ажойиб: айтилмаган гапларни биргина нигоҳ билан ифдолашади, сюжет зериктирмайди.

 

Севара АЗИЗ тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий